Онлайн мурожаат

Коррупция ҳақида хабар бериш

Бекор қилиш Хабар бериш

Кўп бериладиган саволлар

Агар мазкур рўйхатда ўзингизни қизиқтирган саволни топмаган бўлсангиз, бизга қуйидаги шаклни тўлдирган ҳолда ўз саволларингизни йўлланг. Бизнинг мутахассислар Сиз билан боғланиб, зарур ҳуқуқий маслаҳат кўрсатадилар.

САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР

Коррупция нима?

Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. Манба: Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нималар киради?

Коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Манба: Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни

Манфаатлар тўқнашувига дуч келганда давлат хизматчиси қандай йўл тутиши лозим?

Давлат хизматчилари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт. Манба: Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли Қарори

Кимлар мансабдор шахс ҳисобланади?

Мансабдор шахс - доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс. Манба: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси

Коррупцияга қарши ички назорат тизими (комплаенс-назорат) нима?

Коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) - давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда банклар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилишини таъминловчи, коррупция хавф-хатарлари ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш каби қатор профилактик чораларни ўзида мужассам этган самарали тизимдир.

Агентликка қандай мурожаат қилсам бўлади?

Агентликка мурожаатингизни http://eanticor.uz веб сайти, info@anticorruption.uz    электрон почтаси, 1253 қисқа рақамли Call маркази, Тошкент шаҳар, Шота Руставели кўчаси, 8а-уйга почта хизмати ёрдамида йўллаш орқали ёки бевосита Агентликка келиб беришингиз мумкин.

Агентликнинг ҳудудий ташкилотлари борми?

Агентликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари мавжуд эмас.

Агентликка ишга кириш учун қандай маълумотга эга бўлишим керак?

Агентликка юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар ишга қабул қилинади. Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6013-сонли Фармони

Пора олиш ва бериш деганда нималар тушунилади?

Пора олиш– мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши. Пора бериш – мансабдор шахсга мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш. Манба: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси

Нималар пора предмети бўлади?

Пул, қимматбаҳо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин. Манба: Олий суди Пленумининг 19-сон қарори

Қандай ҳолларда пора берган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин?

Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади. Манба: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси

Коррупция учун қандай турдаги жавобгарлик назарда тутилган?

Шахс ўзининг коррупцион хатти-ҳаракатлари учун ушбу қилмишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жиноий, маъмурий, интизомий ва фуқаровий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик доирасида: базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда жарима (МЖтКнинг 1931- 1932-моддалари); базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖтКнинг 61, 61-1-моддалари) Жиноий жавобгарлик доирасида: базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваригача жарима (ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми); 5 йилгача муайён ҳуқуқдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 206-моддаси, 1-қисми); 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари (ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми); 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари (ЖКнинг 19211-моддаси 2-қисми); 5 йилгача озодликни чеклаш (ЖКнинг 167-моддаси, 1-қисми); 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми ва 211-моддаси, 3-қисми) жазолари тайинланиши мумкин. Интизомий жавобгарлик доирасида: Меҳнат кодексига кўра ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш каби интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Манба: Жиноят кодекси, Меҳнат кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси нима?

Коррупцияга қарши экспертиза — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи. Манба: Адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги 2-мҳ-сон Буйруғи

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига иш кириш тартиблари ҳақида маълумот берсангиз.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юқори малакали кадрлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга, Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир шахслар орасидан тўлдирилиб, ишга қабул қилиш жараёнлари конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Агентлик директори ўринбосарлари Агентлик директори тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Ишга киритиш тартиби ҳақида: http://anticorruption.uz/uzc/item/vacancies  ҳаволаси орқали батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Савол бериш

Агар рўйхатда керакли саволни топмаган бўлсангиз, ариза қолдиринг ва биз сизга қўнғироқ қиламиз.