Фарғона вилоятида 1,4 млрд сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштириб юборилгани аниқланди

Фарғона вилоятида 1,4 млрд сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштириб юборилгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарори асосида ажратилган субсидия маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши бўйича Фарғона вилоятида ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, 2023-2024 йиллар давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами 9,3 млрд сўм миқдоридаги субсидия маблағлардан 1,4 млрд сўмлик қисми ўзлаштириб юборилган.

Жумладан:

▫️Учкўприк туманида 2 та юридик шахс томонидан 37 нафар касаначига 309,4 млн сўмлик;

▫️Риштон туманида 1 та юридик шахс томонидан 42 нафар касаначига 277,2 млн сўмлик;

▫️Бағдод туманида 2 та юридик шахс томонидан 54 нафар касаначига 275,0 млн сўмлик;

▫️Бешариқ туманида 1 та юридик шахс томонидан 33 нафар касаначига 192,4 млн сўмлик;

▫️Қўқон шаҳрида 1 та юридик шахс томонидан 17 нафар касаначига 160,5 млн сўмлик асбоб-ускуналар етказиб берилмаган.

▫️Фарғона туманида 1 та юридик шахс томонидан 14 нафар касаначига 106,3 млн сўмлик;

▫️Фарғона шаҳрида 1 та юридик шахс томонидан 15 нафар касаначига 98,0 млн сўмлик;

▫️Данғара туманида 1 та юридик шахс томонидан 7 нафар касаначига 51 млн сўмлик;

Шунингдек, жами 335,0 млн сўмлик субсидия маблағлари асоссиз ажратилганлиги аниқланди.

Хусусан, 6 нафар фуқаро номига икки маротаба, яъни такрорий тарзда жами 34,9 млн сўмлик субсидия маблағлари қарор талабларига зид равишда ажратилган.  

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сон қарори асосида вилоят бўйича тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 47 нафар фуқарога асбоб-ускуналар хариди йўналишида аввал субсидия маблағи олган бўлишига қарамасдан, такроран жами 300,1 млн сўм субсидия ажратилган.

Қарор талаби бўйича Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан субсидия маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг тадбирлари орқали назорат қилиб бориш ишларида ҳам масъулиятсизлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилган.

Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати