Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланди
Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат давлат органлари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг фаолиятини тизимли ташкил этиш ва малака талабларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган.
Низомга мувофиқ, ички назорат бўлинмалари ходимлари ҳар уч йилда бир маротаба Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан аттестациядан ўтказилади.
Аттестация икки босқичда — тест синови ва суҳбат шаклида ташкил этилади.
Тест синови 25 та саволдан иборат, суҳбат жараёнида эса ходимларнинг:
– коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимлари;
– коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш;
– манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш;
– мурожаатлар билан ишлаш;
– халқаро стандартлар бўйича тайёргарлиги баҳоланади.
Талабгор максимал 100 балл тўплаши мумкин бўлиб, аттестациядан муваффақиятли ўтиш учун камида 56 балл олиш талаб этилади.
Аттестация жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест ва суҳбатлар реал вақт режимида кузатилади, жараён видеоёзувга олинади, натижалар дарҳол эълон қилинади.
Аттестациядан муваффақиятли ўтган ходимларга уч йил муддатга амал қилувчи гувоҳнома берилади.
Низомга кўра, ички назорат бўлинмалари ходимлари ҳар йили коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат йўналишларида малака ошириш курсларида ўқитилади.
Малака ошириш жараёнлари Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг ушбу курсларда мунтазам қатнашишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади. Шунингдек, Агентлик томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида махсус ўқув курслари ташкил этилиши белгиланган.
Ички назорат бўлинмаларига биринчи марта тайинланган ходимлар мажбурий тартибда стажировкадан ўтади.
Бунда:
- марказий аппарат ходимлари – Коррупцияга қарши курашиш агентлигида;
- ҳудудий ва таркибий бўлинмалар ходимлари — тегишли давлат органлари марказий аппаратларидаги ички назорат бўлинмаларида стажировка ўтайди.
Стажировка муддати икки ҳафта этиб белгиланган бўлиб, ундан озод этишга йўл қўйилмайди.
Стажировка давомида ходимларга:
– коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш;
– манфаатлар тўқнашувини бошқариш;
– ISO 37001:2025 халқаро стандарти талаблари;
– коррупцияга қарши ички назорат тизимини такомиллаштириш;
– ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш механизмлари бўйича амалий кўникмалар берилади.
Якунда стажёр ҳисобот топширади ҳамда суҳбат асосида унинг касбий билим ва амалий кўникмалари баҳоланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати