Коррупцияга қарши курашиш ташаббусларини амалга ошириш бўйича кичик грантлар танловининг ғолиблари аниқланди
"Коррупцияга қарши фуқаролик ташаббуслари: оммавий ахборот воситалари, технологиялар, қонун ижодкорлигида иштирок этиш ва коррупциянинг гендер жиҳатлари" мавзусида эълон қилинган кичик грантлар танловининг ғолиблари аниқланди.
Ғолиб бўлган лойиҳа ташаббусларини амалга ошириш учун жами 853 млн сўм миқдорида грант маблағи ажратилади.
Танловда иштирок этиш учун 105 та миллий нодавлат нотижорат ташкилоти, таълим муассасалари ва жамоат бирлашмаларидан ариза келиб тушди.
Баҳолаш комиссияси томонидан улар орасидан энг яхши лойиҳа таклифларига эга бўлган қуйидаги ташкилотлар ғолиб деб топилди:
«НИҲОЛ» ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази
(Тошкент вилояти)
Лойиҳа: "Инклюзив коррупцияга қарши иштирок: Тошкент вилоятидаги ногиронлиги бўлган ёшлар ва аёлларнинг тўсиқлари ва эҳтиёжларини ўрганиш".
Мақсади: Ногиронлиги бўлган ёшлар ва аёлларнинг инклюзив коррупцияга қарши кураш стратегияларини яратишдаги иштирокини таъминлаш учун уларнинг тўсиқлари ва эҳтиёжларини ўрганиш.
UZBEKISTAN CREATIVE ASSOCIATION юридик шахслар бирлашмаси
(Қорақалпоғистон Республикаси)
Лойиҳа: "Аёллар бизнесида коррупцияга қарши иммунитет: Нукус тажрибаси".
Мақсади: Нукусда аёл тадбиркорлар учун тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва коррупцияга қарши курашиш ташаббусларини илгари суриш.
"Ёш ижодкорлар кенгаши" нодавлат нотижорат ташкилоти
(Тошкент шаҳри)
Лойиҳа: "WikiAntiCorruption".
Мақсади: Википедияга ўзбек тилидаги сифатли мақолалар қўшиш орқали очиқ маълумотларни кенгайтириш ва шу йўл билан коррупцияга қарши курашиш маданиятини ривожлантириш ҳамда аҳоли хабардорлигини ошириш.
Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Избоскан тумани ҳудудий бўлинмаси
(Андижон вилояти)
Лойиҳа: "Ногиронлиги бўлган шахслар учун коррупцияга қарши курашда инклюзивликни таъминлаш орқали ҳуқуқий саводхонлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш".
Мақсади: Избоскан туманидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга давлат хизматларидан шаффоф фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
«Ноила» ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг маркази
(Навоий вилояти)
Лойиҳа: "Аҳолининг заиф қатламлари имкониятларидан коррупцияга қарши курашда самарали фойдаланиш - жамоатчилик назоратини такомиллаштиришдаги муҳим вазифа".
Мақсади: Навоий шаҳри ва Кармана туманида ногиронлиги бор шахслар ва заиф гуруҳларнинг жамиятдаги иштироки ҳамда ислоҳотлардаги ролини коррупцияга қарши курашга фаол жалб этиш орқали кучайтириш.
«Сўғдиёна» нодавлат нотижорат ташкилоти Ёшлар ва аёллар маркази
(Навоий вилояти)
Лойиҳа: "Аёллар коррупцияга қарши: билим - куч!"
Мақсади: Навоий вилоятида аёллар ва қизлар орасида ҳуқуқий саводхонлик ҳамда коррупцияга қарши курашиш билимларини ошириш.
"Илм ҳунар саодат" оила ва жамиятда аёллар мавқеини мустаҳкамлаш маркази
(Бухоро вилояти)
Лойиҳа: "Оналар - коррупциясиз келажак асосчилари".
Мақсади: Жондор туманидаги мактаб ўқувчиларининг оналарида коррупцияга қарши тарбиянинг муҳимлигини англашни шакллантириш ҳамда болаларда ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасизлик каби барқарор қадриятларни ривожлантиришга кўмаклашиш.
Ўзбекистон карлар жамияти Бухоро вилояти бўлими
(Бухоро вилояти)
Лойиҳа: "Давлат хизматларида инклюзивлик - коррупция хавфини камайтирувчи омил".
Мақсади: Давлат хизматларидан фойдаланишда маиший коррупция хавфини камайтириш учун эшитиш ва нутқ нуқсони бор шахсларга сурдо таржима хизматларини жорий этиш.
Ўзбекистон аёллар ассоциацияси
(Самарқанд вилояти)
Лойиҳа: "Ёшларни коррупцияга қарши кураш ташаббусларини амалга оширишга жалб этишга кўмаклашиш ва уларнинг жамоатчилик назорати масалаларида иштирокини кенгайтириш".
Мақсади: Самарқанд вилояти ёшларини коррупцияга қарши курашга жалб этиш ва уларнинг жамоатчилик назоратида иштирок этишига кўмаклашиш.
Томди туманидаги «Қақнус» ёшлар ва аёллар маркази
(Навоий вилояти)
Лойиҳа: "Коррупциясиз жамиятга биргаликда эришамиз".
Мақсади:Томди туманида аёллар ва ёшларга таъсир этувчи коррупция ҳолатлари аниқланиб, кузатиб борилиши, кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилиши ҳамда заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш мақсадида онлайн алоқа тизимини ривожлантириш.
"Ижтимоий ҳимоя" жамияти
(Қашқадарё вилояти)
Лойиҳа: "Адолат сари тенг қадам"
Мақсади: Заиф гуруҳларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик фаоллигини кучайтириш, давлат хизматларидан тенг фойдаланишини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши курашга жалб этиш орқали жамоатчилик назоратидаги иштирокини кенгайтириш.
"Азим Тафаккур" ННТ
(Фарғона вилояти)
Лойиҳа: "Адолат овози: Эҳтиёжмандлар овози орқали коррупцияга қарши ҳаракат".
Мақсади: Қўқон шаҳридаги ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган аҳоли иштирокидаги ҳақиқий коррупция ҳолатлари ҳақидаги ҳикоялар уларнинг овозини жамият ва ҳокимиятга етказишга, ҳушёрликни оширишга ва фуқаролик фаоллигини рағбатлантиришга ёрдам беради.
«УМИД» республика жамоат бирлашмаси
(Тошкент вилояти)
Лойиҳа: "Биз коррупцияга қаршимиз".
Мақсади: Тошкент вилояти аҳолисининг, айниқса аёллар, ногиронлиги бор шахслар ва кексаларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда коррупция ҳолатлари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш.
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ ТД билан ҳамкорликда ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида молиялаштирилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати