Корупциявий қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган ялпи мажлисида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, корупциявий қилмишлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Лойиҳа билан 3 та кодекс ва 5 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан:
▫️коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилиши белгиланмоқда;
▫️Жиноят кодексида "коррупцияга оид жиноятлар" тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши кўрсатилмоқда.
▫️ўзлаштириш ёки растрата қилиш ҳамда фирибгарлик каби жиноятларни мансаб ваколатидан фойдаланиб содир этганлик учун жазо чоралари кучайтирилмоқда;
▫️айрим коррупцион жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланмоқда;
▫️комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан белгиланмоқда;
▫️Давлат харидларида товар (хизмат)нинг бошланғич нархи ҳамда ўртача бозор нархи ўртасида тафовут миқдорини (ўртача 20 фоиз) бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда;
▫️давлат буюртмачисининг нарх тафовути чегарасига амал қилишга мажбур эканлиги "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунда ҳам назарда тутилмоқда;
▫️Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилмоқда;
▫️Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, ҳудудий кенгашларнинг мақоми ва вазифалари белгиланмоқда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 8 та янги вазифа юклатилмоқда;
Шунингдек, қонунчиликда ёшларда ҳалоллик туйғусини ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим ва тарбия соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олишга қаратилган қоидалар киритилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати