Соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий эксперимент натижалари

Соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий эксперимент натижалари

Давлат раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, 2025 йилнинг II ярмидан бошлаб коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий эксперимент жорий этилиб, бешта идора, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Комплаенс-назорат бўлими Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасарруфида фаолият юритмоқда. Қисқа вақт ичида вазирлик билан ҳамкорликда ички назорат тузилмаси орқали соҳада очиқлик ва ҳисобдорлик кучайтирилиб, коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида аниқ ва сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, соҳадаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар сони 2024 йилда 527 тани, 2025 йилда эса 498 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 29 тага ёки 5,6 фоизга камайган.

Вазирлик “ISO 37001:2025 – Anti-bribery management systems” халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди. Ушбу стандарт тиббиёт соҳасида Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор жорий этилди.

Манфаатлар тўқнашувига доир 1 280 та хавф ҳолати аниқланиб, 227 нафар ходим ишдан бўшатилди, 485 нафар ходим эса ротация қилинди.

Шунингдек, тизимдаги 9 842 нафар раҳбар ва моддий жавобгар шахслар томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги йиллик декларация белгиланган тартибда тўлдирилди.

Давлат харидларида тиббий жиҳозларнинг кафолат мажбуриятларини кузатиб бориш амалиёти йўлга қўйилиб, иш ва хизматлар нархлари асосли равишда қайта кўриб чиқилди. Натижада 247 млрд сўм маблағ тежалди, шунингдек 10 млрд сўмлик ортиқча режалаштиришнинг олди олинди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида 3 та ҳолатда жами 5,5 млрд сўм миқдорида моддий зарар аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. 1 та ҳолатда қарийб 100 млн сўм миқдорида ноқонуний тўланган маблағлар давлат бюджетига қайтарилди.

Коррупциянинг олдини олиш бўйича намуна кўрсатмаган мансабдор шахсларнинг 91 нафари интизомий, 11 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 15 нафари ишдан бўшатилди, шунингдек, 3 та жиноят иши қўзғатилди.

Комплаенс-назорат тузилмаси томонидан «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунчилик талабларига риоя этилиши текширилиб, жами 366 та ҳолатда коррупциявий хавф-хатарлар аниқланди.

Коррупция омилларини барвақт аниқлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги , Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Рақобат қўмитаси билан тезкор ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик механизми йўлга қўйилди.

Коррупциявий хавф-хатарлар харитаси қайта тасдиқланиб, хавф даражаси юқори бўлган йўналиш ва лавозимлар рўйхати 49 тагача кенгайтирилди (2024 йилда — 26 та).

Ҳудудларда 72 та тиббиёт муассасасида жойига чиққан ҳолда коррупцияга қарши курашиш ишларининг ташкил этилиши юзасидан ўрганишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, тузилма томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида 11 та қонун лойиҳаси, 36 та Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари, шунингдек 27 та идоравий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати