Ўзбекистонда гендер ва коррупцияга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ва Европа Иттифоқи молиявий кўмагида “Ўзбекистонда гендер ва коррупция: туб ўзгаришлар сари” мавзусида муҳокама учрашуви ўтказилди.
Тадбирда парламент, суд ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Муҳокамадан кўзланган асосий мақсад — коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий сиёсатга гендерга оид таъсирчан индикаторларни интеграция қилишнинг амалий механизмларини муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги қонунчилик ва институционал базани такомиллаштириш бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва жамиятда гендер тенглигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бироқ, шу вақтгача глобал миқёсда ҳам, миллий даражада ҳам коррупция кўпинча “гендер-нейтрал”, яъни хотин-қизлар ва эркакларга бир хил таъсир кўрсатувчи ҳодиса сифатида баҳоланиб келинган.

Ваҳоланки, халқаро тадқиқотлар коррупция жамиятнинг заиф қатламларига, хусусан, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларига нисбатан оғирроқ салбий таъсир кўрсатишини тасдиқламоқда.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов аёллар томонидан содир этилаётган коррупция ҳолатлари масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, бундай ҳолатлар умумий жиноятчилик таркибида нисбатан кам улушни ташкил этса-да, айрим ҳолларда учраб турибди. Шу билан бирга, бу ҳолат аёлларни коррупцияга ундаётган ижтимоий-иқтисодий омиллар, уларнинг меҳнат шароитлари ҳамда ҳуқуқий ҳимояси масалаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини ҳам англатади.

Тадбирда Тадқиқот БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ва Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ўтказилган “Ўзбекистонда гендер ва коррупция: туб ўзгаришлар сари” номли тадқиқот натижалари ҳам тақдим этилди.
Тадқиқот аҳолининг коррупцияни қабул қилиши, коррупциявий ҳолатларга дуч келиш ҳолатлари, шунингдек гендерга сезгир ёндашувларни коррупцияга қарши ислоҳотлар ва сиёсатга жорий этиш имкониятларини ўрганиш мақсадида амалга оширилди.

Тадқиқот доирасида халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилик таҳлил қилиниб, респондентлар сўровнома ўтказилди. Шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларида 10 та гуруҳ муҳокамаси ташкил этилди.
Тадқиқотнинг асосий хулосаларидан бири сифатида норасмий анъаналар ва ижтимоий меъёрларнинг коррупцияга муносабат шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Хусусан, сўров иштирокчиларининг қарийб 70 фоизи “суюнчи”, “таниш-билиш” каби норасмий амалиётлар, шунингдек қиммат оилавий маросимлар билан боғлиқ ижтимоий кутилмалар коррупция тарқалишига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Тадқиқотнинг яна бир муҳим йўналиши аёллар қайси соҳаларда коррупциявий хатарларга кўпроқ дуч келаётганини аниқлашга қаратилди. Иштирокчилар аёллар, асосан, тиббий хизматлардан фойдаланиш, оилага ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ жараёнларда коррупциявий хатарларга кўпроқ дуч келишини таъкидлади.
Шунингдек, тадқиқот натижалари аёллар учун коррупция билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилиш ва ҳимоя механизмларини янада хавфсиз, қулай ҳамда гендерга сезгир асосда такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Тадқиқот доирасида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши қонунчилигига гендер ёндашувини жорий этиш масаласи ҳам халқаро тавсиялар нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Унга кўра, миллий қонунчилик асосий халқаро стандартларга умумий жиҳатдан мос келишига қарамай, гендерга сезгир ёндашувлар коррупцияга қарши қонунчилик ҳамда уни амалиётда қўллаш жараёнларида етарли даражада акс этмагани қайд этилди.
Тадқиқот натижалари асосида коррупцияга қарши ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жумладан, гендерга сезгир ёндашувларни коррупцияга қарши қонунчилик ва сиёсатга жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш ва гендер тенглигини таъминлаш йўналишида фаолият юритувчи тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий стереотипларга қарши курашиш ҳамда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати