Ўзбекистон Республикаси ИЛОВА |
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ АГЕНТЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КЛУБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
I. БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳузуридаги Журналист ва блогерлар клубининг асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Журналист ва блогерлар клуби ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи орган ҳисобланади.
3. Журналист ва блогерлар клуби Агентлик ҳузурида Агентлик директори қарори билан ташкил этилади.
4. Журналист ва блогерлар клуби ихтиёрий ташкилот бўлиб, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ижтиомий тармоқ (канал/саҳифа) модераторлари (администраторлар) ёки асосий фаолияти тарғибот ишлари билан боғлиқ бўлган фуқаролар унинг аъзоси бўлиши мумкин.
5. Журналист ва блогерлар клуби юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қилади.
5. Журналист ва блогерлар клуби тўғрисидаги Низом ва унга киритиладиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар Агентлик директори буйруғи билан тасдиқланади.
II БОБ. ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КЛУБИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ
6. Қуйидагилар Журналист ва блогерлар клубининг асосий вазифа ва функциялари ҳисобланади:
Агентлик ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар юзасидан кенг жамоатчиликка тўғри, тўлиқ ва сифатли маълумотлар бериш;
Агентлик томонидан ташкил этилган ёки Агентлик вакиллари иштирок этган тадбирларни (семинар, анжуман, ўқув курслари ва ҳ.к) оммавий ахборот воситаларида, интернет-нашрларда ёки блогларда кенг ёритиш;
Агентлик билан ҳамкорликда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган кўрсатувлар, намойишлар, эшиттиришлар, эфир ёки бошқа турдаги чиқишлар ташкиллаштириш;
Агентлик билан келишган ҳолда коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш;
Агентликнинг коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан ўрганиш жараёнларига оммавий ахборот воситаларини жалб этиш;
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилиниши режалаштирилган ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
Фуқаролик жамияти институтлари, академик соҳа вакиллари, фуқаролар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар, амалиёт ва тажриба ҳамда бошқа масалалар юзасидан Агентлик билан келишган ҳолда кенг тарғибот ишларини олиб бориш;
Aгентлик томонидан тайёрланган Миллий маъруза, Давлат дастурлари, Чора-тадбирлар режаси ва бошқа турдаги ҳужжатларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш;
Агентлик фаолияти ва ваколатлари билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш;
Агентлик томонидан тайёрланадиган даврий (ойлик, ярим йиллик, йиллик) ҳисоботларни кенг ёритилишига кўмаклашиш.
7. Журналист ва блогерлар клубининг аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентлик томонидан ташкил этилган тадбирларда (семинар, анжуман, ўқув курслари ва ҳ.к) Агентлик таклифига биноан иштирок этиш;
Агентлик кўмагида давлат ва хўжалик бошқарув органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан тезкор, тўғри ва сифатли маълумот олиш;
Журналистлар ва блогерлар клуби аъзолари учун ташкил этилган (телеграм ва бошқа) месенджерлардаги гуруҳларда жойлашлаштирилган коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид маълумотлар ҳақида биринчилардан бўлиб хабардор бўлиш;
Коррупцион ҳолатларга оид вазиятлар юзасидан Агентликнинг тезкор муносабатини олиш;
Журналистлар томонидан тайёрланаётган материалларга юридик ва экспертлар кўмагини сўраш;
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган грантлар ҳақида биринчилардан бохабар бўлиш ва ўз номзодини қўйишда Агентликдан тавсия олиш имкониятига эга бўлиш;
Тегишли мавзулар бўйича халқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотлар ёки давлат органлари томонидан ташкил этиладиган маҳаллий ва хорижий хизмат сафарларига Агентлик ходимлари билан бирга бориш;
Агентлик ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларининг ҳисобдорлиги, очиқлиги ва шаффофлиги юзасидан Агентликка тегишли таклиф ва мулоҳазаларни тақдим этиш;
Журналист ва блоггерлар клуби қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Агентлик Журналист ва блоггерлар клубининг ҳар бир аъзоси билан алоҳида (келишилган эксклюзив лойиҳалар доирасида) ишлаши ҳам мумкин.
Агентлик тергов ёки давлат сирлари, шунингдек махфий гриф остидаги ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровларни рад этиши мумкин.
8. Журналист ва блогерлар клуби ўз фаолиятини амалга оширишда:
жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;
Агентлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;
Агентлик ходимларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;
Агентлик ходимлари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;
фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;
журналист ва блогерлар клубидаги фаолияти давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.
Журналист ва блогерлар клубининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
III БОБ. ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КЛУБИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ, УНИНГ ФАОЛИЯТИ. ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КЛУБИГА АЪЗОЛИК
9. Журналист ва блогерлар клуби Агентлик директорининг қарори билан ташкил этилади ва номуайян муддат фаолият кўрсатади. Журналист ва блогерлар клуби аъзолари таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
10. Журналист ва блогерлар клуби аъзолари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар, Агентлик ва бошқа давлат органлари фаолияти, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар, тегишли билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Агентлик томонидан тадбирлар (семинар, тренинг, ўқув курслари ва бошқалар), учрашувлар ва йиғилишлар ташкил этилади.
11. Журналист ва блогерлар клуби аъзолари ярим йилда камида бир марта Агентлик томонидан ташкил этиладиган Умумий йиғилишда иштирок этадилар.
Йиғилиш вақти, жойи ва кун тартиби ҳақида Агентлик масъул ходими Журналист ва блогерлар клуби барча аъзоларига камида 5 кун олдин хабар беради. Журналист ва блогерлар клуби аъзосини топиш имконияти бўлмаган тақдирда, унинг электрон манзилига тегишли хат (ёки ўзаро келишилган рақамга хабар) юборилади.
12. Журналист ва блогерлар клубининг Умумий йиғилиши, шу жумладан йиғилишда қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади. Журналист ва блогерлар клубининг Умумий йиғилиши баённомаси Агентлик директори ва масъул ходими томонидан имзоланади ва уч иш кунида Журналист ва блогерлар клубининг барча аъзоларига электрон тарзда тақдим этилади.
Журналист ва блогерлар клуби аъзолилига вояга етган, муомалага лаёқатли ҳамда жамоатчилик орасида обрў-эътиборга эга бўлган шахслар қабул қилинади.
13. Фуқаролар Журналист ва блогерлар клубига аъзо бўлишлари учун Агентликка оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилишлари мумкин. Журналист ва блогерлар клуби аъзолари Агентлик томонидан тасдиқланадиган аъзолик гувоҳномасига эга бўладилар. Аъзолик муддати – 3 йил. Мазкур муддат тугаган ҳолларда Журналист ва блогерлар клуби аъзоси ўз мурожаатига асосан қайта аъзоликка қабул қилиниши мумкин.
14. Журналист ва блогерлар клубига аъзолик қуйидаги ҳолатларда муддатидан олдин тугатилиши мумкин:
Журналист ва блогерлар клуби аъзосининг мурожаатига асосан (бунда аъзолик гувоҳномаси Агентликка қайтарилиши шарт);
Журналист ва блогерлар клуби аъзоси оммавий ахборот воситаларидаги ёки блогерлик фаолиятини тугатса;
Журналист ва блогерлар клуби аъзосига нисбатан озодликдан махрум этиш билан бо ғлиқ жиноий жазо қўлланилган тақдирда;
Мазкур Низом талабларини, шунингдек, журналистик этика қоидаларини бузган (айбсизлик презумцияси, била туриб соҳага оид нотўғри маълумот тарқатиш ва бошқа ҳолатлар) тақдирда;
Журналист ва блогерлар клуби аъзоси бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган тақдирда.
15. Журналист ва блогерлар клуби аъзолари рўйхати Агентлик расмий веб-сайтида ва бошқа платформаларда эълон қилиниши мумкин.
IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
16. Журналист ва блогерлар клуби фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда мазкур Низомда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш Агентлик томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қонунчиликдаги сўнгги янгиликлардан хабардормисиз?
Қисман хабардорман - 182
Яхши хабардорман - 132
Хабардор эмасман - 70
Менга қизиқ эмас - 10