Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолиятини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимиз Президенти томонидан коррупцияга қарши кураш соҳасида “фавқулодда ҳолат” йили деб эълон қилинган жорий йилда айрим идораларда профилактика ва ички назорат ишлари талаб даражасида эмаслиги, коррупция омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф этишда сусткашликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди.
Айни пайтда бу иллатга муросасизликни кучайтириш бўйича аниқ натижа, муқаррар жавобгарлик ва тезкор ҳаракатларни таъминлаш талаб этилаётганига алоҳида урғу берилди.

Қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашувчи идоралар, давлат органлари, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни тизимли ташкил этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлигидан келиб чиқиб, Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Йиғилишда Кластер иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлик тартиби, вазифа ва функциялари, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда таҳлил қилиш механизмлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Кластер фаолиятининг жорий йилга мўлжалланган иш режасига асосан ҳар чоракда камида битта соҳа комплекс ўрганилади, ички назорат бўлинмалари томонидан коррупцияга шароит яратган омиллар таҳлил қилинади.
Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар улуши юқори бўлган соҳалар ва ҳудудлар илмий-тадқиқот муассасаларига бириктирилади. Давлат хизматларини рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чоралари кўрилади.

Кластер иштирокчилари ўртасида тезкор ва самарали ҳамкорликни таъминлаш, маълумот алмашиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда таҳлил ишларини ягона тизим асосида ташкил этиш мақсадида “E-klaster” электрон модули ишга туширилмоқда.
Йиғилишда белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда ташаббускорликни ошириш, масъулиятсизлик ва сусткашликка барҳам бериш юзасидан қатъий огоҳлантириш берилди. Ҳар бир субъект фаолияти натижалари доимий мониторинг қилиб борилиши қайд этилди.

Йиғилиш мобайнида “Рақамли комплаенс” дастурий комплексининг “Давлат харидлари” ва "Одоб-ахлоқ" модуллари тақдимот қилинди.
Унда давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, профилактик рақамли назоратни кучайтириш, шунингдек, Одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини реал вақт режимида мониторинг қилиш ва қоидабузар давлат хизматчилари реестрини шакллантириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
20.05.2026