Онлайн мурожаат

Коррупция ҳақида хабар бериш

Бекор қилиш Хабар бериш

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни 81-моддасига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Ушбу вазифа доирасида Агентлик вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда уларнинг биргаликда самарали фаолият юритишини ташкил этади.

Агентлик коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қуйидаги вазифаларни бажаради:

–    коррупцияга қарши курашиш бўйича стратегия ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;

–    коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

–    мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганади;

–    БМТ коррупцияга қарши конвенцияси талабларининг бажарилишини таъминлайди, шунингдек ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширади.

–    ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди.

–    Фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг коррупцияга қарши жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги фаолиятига кўмаклашади.

Агентлик коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколат доирасида бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

                 I.Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини қабул қилиш орқали амалга оширилмоқда.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига асосан (2017 йил) ўтган давр мобайнида ҳар икки йилга мўлжалланган 3 та давлат дастури (2017,2019 ва 2021 йиллар) қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида 5 та йўналишда 44 та банддан иборат вазифалар белгиланган бўлиб, уларни ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлат дастури ижроси доирасида:

1.  Ўзбекистон Республикасининг 9 та қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2 та фармони ва 4 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, чекловлар ҳамда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгилаб берилди.

2.  Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилди, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
босқичма-босқич коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда.

(2022 йилнинг ўтган даврида жами 1 860 та амалдаги қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. Уларнинг 243 тасида (13 фоиз) ёки 350 дан ортиқ коррупциявий омил аниқланди. 82 таси ўз аҳамиятини йўқотганлиги сабабли “тартибга солиш гильотинаси” усулида бекор қилиниши зарурлиги тўғрисидаги хулосага келинди)

3.   Молиявий назоратни амалга оширувчи органлар фаолияти тартибга солиниб, бюджет қонунчилигини бузиш хавфини таҳлил қилиш мақсадида “Электрон назоратчи-тафтишчи” дастурий мажмуаси яратилди.

Давлат харидлари тизимида коррупциянинг олдини олиш чоралари кўрилди, давлат харидлари жараёнлари доимий мониторинг қилиниб, натижаларини эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

4.  Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинди.

Ушбу тизим доирасида дастлаб эксперимент тариқасида 24 та давлат ташкилотининг фаолияти баҳоланди.

(баҳолаш натижаларига кўра, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 10 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 11 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.

Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари фаолияти қониқарсиз баҳоланди.

5.  Давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими ишга туширилди.

E-Anticor.uz” электрон платформасида коррупциявий хавфлар баҳоланиб, “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри” юритилмоқда. Реестрда коррупцион хавф-хатарлар юқори бўлган лавозимлар рўйхати акс эттирилиб, жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади.

6.  Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 2 тага кенгайтирилиб, улар сони 35 тага етказилди (аввал 33 та эди), давлат органларида очиқликни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган очиқлик индекси жорий этилди.

(Очиқлик индекси 8 та индикатор (84 та баҳолаш мезони) асосида баҳоланиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади)

7.  Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот, шунингдек, 1253 қисқа рақамли “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилди.

(“Call-марказ”га 2022 йилда 2300 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 2100 таси бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат берилган, 200 та ҳолат бўйича Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўрганиш ўтказган)

8.  Давлат хизматчиларида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида 80 дан ортиқ ўқув курслари ташкил этилиб, унда
15 мингдан ортиқ давлат хизматчилари қамраб олинди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган “Uzbekistan Anti-Corruption Digest” онлайн журнали таъсис этилди.

9.  “9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ҳар йили кенг кўламли Аксилкоррупция ҳафталигини ўтказиш йўлга қўйилди.

 II.2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида Агентлик томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023 — 2027 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия ҳамда  Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ҳозирда мазкур лойиҳаларни вазирлик ва идоралар билан келишиб, тегишли тартибда қабул қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

III. Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида биринчи миллий маъруза Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида тегишли тартибда кўриб чиқилиб,  жамоатчилик учун ОАВда эълон қилинди. http://surl.li/jwmka

IV. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майдаги
ПФ-5729-сон Фармонига асосан, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.

2021 йилдан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси соғлиқни сақлаш, давлат харидлари ва банк тизимида ҳам амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан ҳар бир соҳа бўйича алоҳида “Йўл харита”лари тасдиқланди.

(мазкур соҳалар коррупциявий хавф-хатарларнинг юқори эканлиги, коррупцияга оид жиноятлар сони йилдан йилга ошиб бораётганлиги ҳамда ижтимоий сўровнома натижалари асосида танлаб олинган)

2023 йилдан бошлаб, Маъмурий ислоҳотлар доирасида давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган туб ўзгаришлар даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорлари билан
Ёқилғи-энергетика ва сув хўжалиги соҳасини ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Рақобат қўмитаси тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича вазифалар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда.  

            V. Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари самарали фаолият олиб бормоқда.

Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши Миллий кенгаш йиғилишида танқидий муҳокама қилиб борилади, шунингдек вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.

Бошқа бўлимлар