Комплаенс-назорат бўлинмалари ходимлари учун ўқув курслари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида 20-21 август кунлари Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари (комплаенс) самарадорлигини оширишга бағишланган интенсив ўқув курслар ташкил этилди.
Унда давлат органлари ва ташкилотларининг марказий, ҳудудий ва тасарруфидаги тизим ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг (комплаенс) 500 нафардан ортиқ ходими иштирок этди.
Мазкур ўқув дастури соҳада қабул қилинган асосий қарорлар ва меъёрий ҳужжатларни таҳлил қилиш, “e-anticor.uz” платформаси ва унинг янги модули билан ишлаш, шунингдек, 2024 йилги рейтинг баҳолаш натижалари бўйича йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилишни қамраб олди.
Иштирокчилар таклиф этилган хорижий экспертлар билан манфаатлар тўқнашувини бошқариш, давлат хизматчиларининг коррупция хавф-хатарларига бардошлилигини баҳолаш ва уларни камайтиришнинг илғор хорижий тажриба ва усулларни қўллаш бўйича амалий машғулотларни ўтказдилар.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини самарали жорий этишда учраётган муаммолар, фаолиятни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ўрганиш ва таҳлил натижалари асосида очиқ муҳокама қилиниб, фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўқув курслари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
21.08.2025