Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар Академия ва Агентлик ўртасидаги амалдаги меморандум доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси электрон платформаси фаолиятини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Виртуал академия электрон платформасининг базавий ўқув курсларида айни вақтга қадар 1 млн 67 минг нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, 3 млн 146 минг нафар мактаб ўқувчилари, 62 275 нафар олий таълим муассасалари талабалари ўқитилди, 47 200 нафар давлат хизматчилари эса махсус ўқув курсларида таълим олди.
Ҳозирда платформада нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ҳам махсус ўқув курси ишлаб чиқилмоқда.

Учрашувда, шунингдек, Виртуал академиянинг янгиланган платформасини ишлаб чиқиш, контентини сифат ва мазмун жиҳатдан янада бойитиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Платформага сунъий интеллект имкониятларини жорий этиш ҳамда ўқув дастурларига ёшларни кенгроқ жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот мобайнида жорий ойда Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси иштирокчи-давлатларининг 11- конференцияси (COSP11) доирасидаги тадбирларда самарали иштирок этиш борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
12.12.2025